Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров ўринбосарлари ҳамда тегишли соҳага масъул бошқармалар раҳбарларига бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик иш ҳақларининг ўз вақтида тўланишини назорат қилишни топширди. Б ҳақда Молия вазирлигининг навбатдан ташқари мажлисида сўз борди, дея хабар қилди маҳкама матбуот хизмати.

Январда бюджет ташкилотлари ходимлари ойликларини ўз вақтида тўлаш учун Молия вазирлиги 588 млрд сўм ажратди. Шунга қарамасдан Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида 2017 йил декабрнинг иккинчи ярми учун иш ҳақи муддатлари кечиктирилган.

Январда республиканинг бир қанча вилоятларидан ойликлар ўз вақтида тўланмагани тўғрисидаги шикоятлар келиб тушган. Жумладан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги болалар боғчаси ходими Ўзбекистон Президенти Виртуал қабулхонасига мурожаат қилганидан сўнг декабрнинг иккинчи ярми учун иш ҳақини Молия вазирлиги масъул ходимлари аралашуви билан 20 январда тўлаб берилган.

Вазир ўринбосарларига бюджет ташкилотлари ходимларининг ойнинг иккинчи ярми учун келгуси ойнинг биринчи беш иш куни, ойнинг биринчи ярми учун аванс тўловларини эса жорий ойнинг 20-санасидан кечиктирмаган ҳолда тўланиши устидан шахсий назорат ўрнатиш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Молия вазирлиги бюджет ташкилотларида ойликларнинг ўз вақтидан тўланмаслиги масалалари бўйича (+99871) 200−50−50 ишонч рақамларига қўнғироқ қилинишини сўрайди.