6 февраль куни футбол бўйича жаҳон чемпионати кубоги Тошкентга олиб келинди. Ўзбекистон илк бор ЖЧ расмий кубогининг жаҳон турнеси — FIFA World Cup Trophy Tour маршрутига киритилди.Фото: UzReport TV.

Халқаро тур 2017 йилнинг сентябрида Москванинг «Лужники» стадионида бошланиб, декабргача Россия шаҳарлари бўйлаб олиб ўтилди. Январь охирида эса кубок дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатлари бўйича саёҳатини бошлади ва тур якунида яна Россияга қайтарилади.

Тўққиз ой давомида кубок олти қитъадаги 91 шаҳарга ташриф буюриб, 126 минг километрни босиб ўтади. Бу йилги турда Австрия, Исландия, Мўғилистон ва Ўзбекистон уни илк бор қабул қилиб олади.

Кристиан Карамбё (ўнгда). Фото: ЎФА.

Кубокни Тошкентдаги «саёҳати"да дунё футболи афсонаси, жаҳон ва Европа чемпиони, икки карра ЕУФА Чемпионлар лигаси ғолиби, Франция термасининг таниқли ярим ҳимоячиси Кристиан Карамбё ҳамроҳлик қилади.

Айни пайтда кубок «Ўзбекистон» спорт мажмуасида оммага намойиш этилмоқда. Кубок пойтахтда бир кун бўлади.

Жаҳон футбол кубоги Италиянинг оилавий GDE Bertoni Srl компанияси томонидан 1974 йилги чемпионатга бағишлаб тайёрланган бўлиб, баландлиги 36 см, вазни 6,18 кг. Унинг 5 килограми тоза олтиндан. Мукофотга фақатгина чемпионатлар ғолиблари ва давлатлар раҳбарлари қўл теккизиш ҳуқуқига эга.

Футбол ассоциациячининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов матбуот анжуманида жаҳон турнесига илк бор Ўзбекистоннинг киритилишини мамлакат учун тарихий ҳодиса деб атади. У келгусида кубокни Ўзбекистон футболчилари мамлакатга олиб келишларига умид билдирди.

4 февраль куни жаҳон кубоги Олмаотага, 5 февралда Бишкекка ва Душанбега борган бўлса, 7 февралда эса Ашхободга етказилади.