2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-модда 3- қисми «а» банди, 228-модда 3-қисм «б» банди ва 228-модда 3-қисми билан 12 йилу 6 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналист Дилмурод Саидов (Дилмурод Саид) муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Бу ҳақда жиноий ишлар бўйича Қашқадарё вилоят судидан «Газета.uz"га хабар қилинди.

3 февраль куни Дилмурод Саидов жазони ўтаётган муассасада жиноий ишлар бўйича Миришкор туман судининг очиқ сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Пенитенциар муассаса маъмурияти тақдим этган журналистни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги тақдимномани суд қаноатлантирди.

Дилмурод Саидовнинг озод қилинишини АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олқишлади.