Ўзбекистонда туристлар томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида сўз боради.

Рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ҳамда барча турдаги суратга олишлар тақиқланганлиги ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектлар мустасно қилинади.

«Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси берган маълумотга кўра, бу каби объектлар рўйхати Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилиб, кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

Президент қарорида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ҳамда «Ўзбеккино» миллий агентлигининг буюртманомаларига кўра хорижий ижодий гуруҳларга республиканинг туризм салоҳияти тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни Ўзбекистон ҳудудига вақтинча олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун рухсатномаларни бериш тартибини кўзда тутадиган Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.