Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Қамчиқ» Махсус қидирув-қутқарув бошқармаси Россиянинг «ТРЭКОЛ» вездеход-амфибияси билан таъминланди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

«ТРЭКОЛ» сувда, ботқоқликда ва мураккаб тоғ йўлларида ҳаракатланиб, етиш энг қийин бўлган жойларгача элтишга қодир. Вездеход Фарғона водийсининг Қамчиқ довони йўлларида синовдан ўтказилмоқда. Синов якунлари бўйича иккинчи шундай машинани харид қилиш режалаштирилган.

«Қамчиқ» МҚҚБ паркида тоғлар ва қорли ҳудудларда қидирув-қутқарув ишларини олиб боришга имкон берувчи 10 га яқин турли техникалар мавжуд.

«ТРЭКОЛ» — босими тупроқнинг ўзига хослигига қараб қўлда бошқарилувчи камерасиз шиналар билан жиҳозланган тўлиқ узатмали машина. Кузови енгил ва иссиқлик сақловчи шишали пластик материалдан тайёрланган.

Автомобиль қаттиқ тупроқли йўлларда 700 кг, юмшоқ тупроқли йўллар ва сувда 400 кг юк кўтаришга қодир. энг юқори тезлиги соатига 70 км ни ташкил этади.

Одамлар ва юкларни тушириш учун учта эшик мавжуд: иккита олд ва орқа эшик. Машина ичида ҳайдовчи ва йўловчилар учун икки қатор ўриндиқлар қатори мавжуд. Юк бўлимига саккиз нафаргача йўловчини жойлаштириш мумкин.