Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Тошкент ҳокимияти ва Жанубий Кореянинг POSCO Daewoo корпорацияси 1 февраль куни High Tech City лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги қўшимча битимни имзолади, дея хабар қилди Инвестициялар қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га. ушбу битим пойтахтда қиймати 1,4 млрд долларга тенг юқори технологияли туманни ташкил этиш бўйича 22 ноябрь куни Сеулда имзоланган ҳужжатга қўшимча бўлди.

Ҳужжатга мувофиқ, томонлар лойиҳани амалга оширишнинг биринчи босқичига киришади. Унда лойиҳанинг барча босқичларини тезкор ва сифатли мувофиқлаштириш, қурилиш учун майдонча танлаш, концептуал режа ва дастлабки техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи ишчи гуруҳини шакллантириш белгиланган.

50 гектарга яқин ҳудудга бизнес марказлари, турар жойлар, илмий-тадқиқот марказлари, таълим, тижорат ва саноат муассасалари ва бошқа объектлар жойлаштирилади. Барча объектлар «ақлли» технологиялар, жумладан энергия тежаш тизимлари қўлланилган ҳолда бунёд этилиб, бинолар автоматлаштирилади, дейилади қўмита хабарида.

Кореялик мутахассислар Тошкентда шаҳарсозлик таҳлилини ўтказиб, Tashkent City ва Nurafshon каби ўхшаш лойиҳаларни ўрганиб чиқишди. Айни пайтда инфратузилмалар, экологик масалалар, аҳоли ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда янги туманни жойлаштириш бўйича тўртта вариант кўриб чиқилмоқда.

POSCO Daewoo — POSCO халқаро савдо ва инвестицион компаниясининг шўъба компанияси бўлиб, Корея ва халқаро бозорларда қурилиш соҳасида катта тажрибага эга.