Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси, туман ИИБлар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ҳамда 70 та шаҳар ички бўлимлари томонидан 5−11 февраль кунлари бир қатор хизматларни кўрсатиш вақтинча тўхтатиб турилади. ИИББ сайтида хабар қилинишича, бу Ўзбекистон ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг кўчиши билан боғлиқ.

Бош бошқарманинг янги манзили: Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Шота Руставели 1-берк кўчаси, 5-уй. Эски бино Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши муносабати билан бузилмоқда.

Қуйидаги хизматларни кўрсатиш вақтинча тўхтатилади:

  • Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш ҳужжатини расмийлаштириш юзасидан ҳужжатларни қабул қилиш ва электрон талабнома шакллантириш;
  • жисмоний шахсларга шахсий идентификация рақамини бириктириш юзасидан ҳужжатларни қабул қилиш ва электрон талабнома шакллантириш;
  • Ўзбекистон фуқароларига чет элга чиқиш рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш;
  • чел эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш;
  • чет эл фуқароларини Ўзбекистонга таклиф қилиш юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш;
  • Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисида қайд варағини расмийлаштириш.