2018 йилда Ўзбекистонда 310 та тиббиёт муассасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлашга 803,6 млрд сўм йўналтирилади, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Бу ўтган йилга нисбатан 45 фоизга кўп демакдир. 2017 йилда солиқни сақлаш тизимида 181 та даволаш-профилактика муассасида 552,6 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган эди.

Январда тиббиёт ОТМларининг 1811 нафар битирувчиси умумий амалиёт шифокори сифатида ишга жойлашди. Бу Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги вакант ўринларини тўлиқ қоплашга имкон берди.

Бундан ташқари, клиник ординатура иккинчи босқичини тамомлаган 926 нафар битирувчи тор мутахассислик бўйича фаолиятини бошлади.

Жорий йилда умумий амалиёт шифокорлари учун 82 фоизи, тор мутахассислик бўйича эса 55 фоиз вакант ўринлар тўлдирилади.