Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

«Бугун менинг Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси сифатидаги сўнгги куним. Сўзсиз, дипломат сифатидаги 10 йиллик фаолиятим ҳаётимнинг муҳим қисми бўлди. Ушбу бебаҳо тажрибадан, менга баҳраманд бўлишга сабабчи бўлган инсонлардан, кўп нарсаларни ўрганиш имконияти ва энг асосийси ўз Ватанимга хизмат қилишдан миннатдорман», — деб ёзади Лола Каримова-Тиллаева.

ЮНЕСКО элчиси лавозимидан кетишига қарамасдан, у маданият, таълим, фан ва экология соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда давом этишни мақсад қилган. Бундан ташқари, «Сен ёлғиз эмассан» болалар жамғармасининг гуманитар фаолиятини давом эттириб, француз мутахассислари билан ҳамкорликда мураккаб болалар юрак жарроҳлиги, имконияти чекланган болалар реабилитацияси ҳамда Ўзбекистонда болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича бошқа лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси 2008−2017 йиллардаги фаолияти мобайнида Наврўз халқ байрами, Катта ашула, ўзбек палови анъаналари, Бойсун маданий мероси, Шашмақом ва Аския ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2016 йили дунёдаги энг катта тоғ тизмаларидан бири, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудини қамраб олган Ғарбий Тянь-Шань Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига кирилди. 2017 йил декабрь ойида атлас ва адрас тўқиш анъанавий технологияси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни асраб-авайлаш бўйича илғор тажрибалар рўйхатидан жой олди, дейилади хабарда.