Тошкент метроси 2017 йилда илк бор 117 млн сўмлик фойда билан чиқди, дея маълум қилди «Тошкент метрополитени» бош муҳандиси ва собиқ раҳбари Бахтиёр Содиқов «Газета.uz"га.

Йил давомида жами бўлиб 62 миллион йўловчи ташилди. Бу аввалги йилга нисбатан 0,2 фоизга кўп демакдир. Бахтиёр Содиқовнинг сўзларига кўра, ташиш ҳажмининг ошишига оз бўлсада 10:00 дан 16:00 гача пенсионерларга метрода юриш бепул қилингани ҳам таъсир қилди. Фойда эса рекламалар ҳажми ошгани ҳисобига таъминланди.

Тошкент метрополитени бошлиғи Ойбек Худойқулов метро линияларини қуриш ва мавжудларини давом эттириш, ҳалқа метроси лойиҳаси тўғрисида маълум қилди.

Қиймати 170,1 млн долларни ташкил этувчи 7,1 километрлик эстакадали Сергели тармоғи 2020 йилда фойдаланишга топширилиши лозим. Линияда олтита станция фаолият кўрсатади.

124,8 млн долларлик 2,93 км узунликдаги Юнусобод йўналишининг давомини 2019 йилга қадар қуриб битказиш режалаштирилган. Мартдан Германиянинг Herrenknecht техника ёрдамида ёпиқ ишлар олиб борилади, айни пайтда эса 6 метр диаметрли туннел учун жиҳозларни ўрнатиш жараёни амалга оширилмоқда.

Лойиҳага Италия, Хитой ва Сербия компаниялари ҳам жалб этилган: юк кўтариш имконияти 220 тонна бўлган гусеницали кран, 70 тоннагача юк кўтарувчи 3 та телескопик автокран, соатига 20 ва 40 куб метр қувватга эга мобил бетон заводлари, 14 та металлопрокат станок, 2 та ўта оғир автомобиль (350 т), қоқувчи ва бурғуловчи ускуналар иш олиб боради.

52,1 километрлик ер усти ҳалқа метро йўналиши қурилиши лойиҳасининг биринчи босқичида «Дўстлик» (собиқ «Чкалов») станциясидан Қўйлиқ бозоригача саккизта станциядан иборат линия бунёд этилади. Келгусида ушбу йўналиш «Олмазор», «Беруний», «Бодомзор» ва янги «Тузель» станцияси билан боғланиб, ҳалқа ҳосил қилади. 35 та станция ва 2 та вагон депоси қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа 2021 йилгача амалга оширилади.