Тошкент вилоятининг Тутзор қишлоғидаги хусусий уйларнинг бирида қафасда Африка шери ноқонуний равишда сақлаб келинаётгани аниқланди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекцияси ва ички ишлар органлари ходимлари Гулноза Абзалованинг қурилиши давом этаётган хусусий уйида саккиз ойлик шер боласини аниқлади.

«Тезкор хабарни қабул қилиб олиб, ҳодиса жойига етиб келдик. Ҳақиқатдан ҳам мазкур янги участка манзили аниқланди, эшикни ёлланиб ишлаётган икки йигит очди. Уй эгаси эса бошқа манзил бўйича рўйхатдан ўтган бўлиб, уй унинг онасининг номига расмийлаштирилган», — деди Экология қўмитаси ҳудудий инспекцияси вакили.

Унинг сўзларига кўра, йиртқич — ориқ, оч, тумшуқлари тирналган, у номуносиб шароитларда сақланган. Ярим метрли қафасда ҳаракатланиш учун ҳам жой етмайди.

Аниқ бўлишича, жонивор хусусий корхона питомнигига тегишли бўлган, бироқ у ерда йиртқични сақлашга ёки унга бўлган мулк ҳуқуқини асословчи бирор-бир ҳужжат тақдим этилмаган.

Амалдаги қонунга мувофиқ, мамлакатга олиб кирилаётган барча жониворлар ва ўсимликлар божхона текширувидан ўтказилиши зарур. Жониворлар ҳайвонот боғларида алоҳида рўйхатга олиниб, уларни хусусий шароитларда сақлаш тақиқланади.

Видео

Африка шери кучини тиклаши учун пойтахтдаги ҳайвонот боғига юборилди. Тергов ишлари бошланди.