1 февралдан Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонасининг янгиланган талқини ишга тушди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди. Виртуал қабулхона ишга тушган 2016 йилнинг сентябридан бугунги кунга қадар 1,6 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушди.

Эндиликда фуқаролар Виртуал қабулхонада ўз шахсий кабинетини очишлари мумкин. Рўйхатдан ўтиш учун паспортда кўрсатилган шахсий идентификация рақамини киритиш лозим.

Янги идентификация тизими шарофати билан ҳар бир мурожаатда шахсий маълумотларни қайтадан киритишга ҳожат қолмайди ва бир шахс томонидан юборилган мурожаатлар тарихини комплекс ўрганиш имконияти пайдо бўлди.

15 февралдан бошлаб тест режимида ишга тушувчи «Онлайн маслаҳатчи» модули турли муаммо ва масалалар бўйича тезкор юридик ёрдам олиш имконини беради. Бир сўз билан айтганда, эндиликда у ёки бу ҳуқуқий ахборот бўлган жавоб хатини кутишга ҳожат қолмайди. Бошқа томондан фақатгина ҳуқуқий ахборот олиш тўғрисидаги илтимосдан иборат мурожаатлар сонининг қисқариши кутилмоқда.

«Онлайн маслаҳатчи» модули орқали энг кўп берилувчи саволлар доимий равишда таҳлил қилиниб, «Кўп бериладиган саволлар» бўлимига қўшиб борилади. Бундан кўзланган асосий мақсад мурожаатчига ўзини қизиқтирган саволга расмий мурожаат қилмасдан ҳам жавоб олиш имкониятини яратишдан иборат.

Шу муносабат билан фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилиш натижасида кўп берилган саволлар аниқлаб олиниб, уларнинг жавоблари оддий ва тушунарли тилда ифодаланиб, махсус бўлимда жамланди. Бунда уй-жой, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик ва банк фаолияти, ишлаб чиқариш, сертификатлаш ва лицензиялаш, ветеринария хизматлари, солиқлар ва жарималар, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, транспортга оид ва ҳуқуқий масалалар, таълим, фан ва маданият, меҳнат ва аҳоли бандлиги, шунингдек, жамият ҳаётининг бошқа турли масалаларига оид саволларга жавоблар мавжуд. Керакли саволга жавобни калит сўзлар ёрдамида излаб топиш имконияти ҳам яратилган.

Эндиликда Президент виртуал қабулхонаси орқали давлат органлари раҳбарларига ҳам мурожаат йўллаш мумкин. «Вазирлик ва идоралар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ва уларга мурожаат юбориш» модули жорий қилинди. Бу билан pm.gov.uz манзилида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ягона базада жойлаштирилди. Яъни, давлат органлари раҳбарларининг фуқаролар қабулига доир маълумотлар — қабул кунлари, вақти, тегишли телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, давлат органининг манзили ҳақидаги маълумот бир жойда жамланди.

Айрим ҳолларда жисмоний ва юридик шахслар ўзларини қизиқтирган масала учун қайси давлат органи масъул экани борасида етарли билимга эга бўлмайди. Шу боис мазкур модулда алоҳида «Функция ва вазифалар» бўлими ташкил этилиб, давлат органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ функция ва вазифалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди.

Халқ қабулхоналари ҳақидаги барча маълумот билан портал орқали ҳам танишиш мумкин. «Халқ қабулхоналари манзиллари» бўлимида Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Барча Халқ қабулхоналарининг манзили, телефон рақамлари, электрон почтаси, геолокация маълумотлари ва бошқа фойдали материаллар қулай тартибда тақдим этилмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорлар керакли Халқ қабулхонаси тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон интерактив харитаси орқали топиши мумкин. Алоҳида олинган Халқ қабулхонасининг жойлашган манзили онлайн харитада ёки сунъий йўлдошдан суратга олинган харита режимида кўрсатилган.

Виртуал қабулхонанинг янги талқинида фуқаро мурожаат юбориш жараёнида ўзи истиқомат қилаётган маҳаллани ҳам кўрсатиб ўтиши учун имконият яратилди. Бу муаммога ечим топиш даражасини янада оширади. Шу йўл билан мурожаатда кўтарилган муаммо муайян ҳудуддаги қайси секторга тааллуқли экани аниқланади. Айни пайтда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳудудида қандай муаммолар мавжуд эканини онлайн таҳлил қилиш, уларни комплекс ҳал этиш учун яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар, «йўл харита"лари ишлаб чиқиш имкониятлари кенгаяди.

Виртуал қабулхонадаги яна бир янгилик — мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида «Таъқиб ҳақида хабар» модули жорий қилингани бўлди. Агар кимда-ким ариза ёки шикоят билан мурожаат қилгани туфайли таъқибга учрайдиган бўлса, бу ҳақда махсус тугма орқали тезкор хабар бериши мумкин. Бундай хабарлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этган ҳолда устувор ва тезкор равишда кўриб чиқилади.

Энди порталда фуқаролар ўз мурожаатини юборишдан аввал мурожаат юбориш қоидалари билан танишгани ва бу борада қонунда белгиланган масъулияти тўғрисида хабардор эканини тасдиқловчи белги қўяди. Бу мурожаатчиларнинг ҳам масъулиятини оширишга, мурожаат маданиятини юксалтиришга туртки беради.

Шу пайтга қадар айрим мурожаатчилар томонидан мурожаат юбориш жараёнида бошқа шахсларга тегишли бўлган ёки умуман мавжуд бўлмаган телефон рақамини кўрсатиш, бошқа фуқаролар номидан мурожаат юбориш ҳолатлари учраб турарди. Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш муайян вақт ва ресурсларни талаб қилишини, аниқ мақсадсиз мурожаат учун сарфланган вақтни бошқа асосли ариза ёки шикоят устида ишлашга йўналтирган ҳолда муаммони ҳал қилиш фуқаролар учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам ҳар томонлама фойдали эканидан келиб чиқиб, янги тизимда мобиль телефон рақамини тасдиқлаш механизми жорий этилди.

Бунда мурожаатчи махсус мурожаат шаклига ўз мобиль телефон рақамини киритади. Шундан кейин мурожаатчининг мобиль телефонига бир марталик парол СМС-хабар шаклида юборилади. Натижада ҳам мурожаат аниқлиги ва ишончлилиги ортади, ҳам мобиль телефон рақами тасдиқланади. Бу барча давлат органларининг виртуал қабулхоналари фаолиятига ҳам татбиқ этилади.

Виртуал қабулхонанинг янги талқинида давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолияти, ижобий ҳал этилган масалалар, виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари тўғрисидаги янгиликлар билан янада кенгроқ танишиш имконияти яратилди. Порталга келиб тушган ва кўриб чиқилган мурожаатларнинг умумий сонини, статистик маълумотларни реал вақт режимида кузатиш имконияти мавжуд.