Молиявий пирамида асосчиси Аҳмаджон Турсунбоевдан олиб қўйилган 105 та турли русумдаги машиналар қонуний эгаларига қайтарилди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури. Турсунбоев ва унинг шериклари қамоққа олингани тўғрисида 2016 йилда хабар қилинган эди.

Миллий хавфсизлик хизмати тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаролар ўз транспорт воситаларини икки баробар қимматга сотиш мақсадида кўнгилли равишда топширишгани аниқланди. Ўрганиш жараёнида улар Аҳмадбойдан ҳеч қандай пул олмагани маълум бўлди.

Аҳмаджон Турсунбоевнинг жиноий фаолияти беш йил давом этган. Бир неча ўн минг фуқаро жабр кўрди. У ва унинг беш нафар шеригига нисбатан Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 243- (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари бўйича жиноий иш юритилди. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Видео