Судлар ва бошқа ваколатли органлари дипломатик ваколатхоналар билан келишмаган ҳолда иммунитетга эга шахсларга нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун маъмурий чора қўллаш ҳуқуқига эга бўлди, дея хабар қилди Norma.uz. Авваллари бундай рухсат Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик сервис хизмати орқали олинар эди.

Эндиликда иммунитетдан фойдаланувчи шахс транспорт воситаси йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан тўхтатилганда мақомидан қатъи назар аккредитация карточкаси ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳайдовчилик гувоҳномасини, шунингдек транспорт воситасининг дипломатик ваколатхонага тегишли эканини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

Шу билан бир қаторда, бундай транспорт воситалари содир этган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши камералар томонидан қайд этилади. ЙҲҚ бузилиши ҳолати аниқланган тақдирда, дипломатик ваколатхона транспорт воситасидан фойдаланишга жавобгар шахс ёки агарда у жисмоний шахс номига расмийлаштирилган бўлса, транспорт воситаси эгаси маъмурий жавобгарликка тортилади.