Тошкент Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари жума куни кўчада ухлаётган икки нафар муайян яшаш жойига эга бўлмаган фуқарога кўмак кўрсатишди, дея хабар қилди Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.

Вазирлик раҳбарига фуқаролар сайт орқали мурожаат қилиб, кўчада ҳаво ҳарорати пастлиги сабабли ёрдамга муҳтож бўлган одам ётгани ҳақида хабар берди.

Вазир топшириғи билан қутқарувчилар гуруҳи Миробод туманидаги Катта Миробод 2-тор кўчага етиб келиб, кўчада ухлаб ётган 1952 йилда туғилган А.Ю.ни аниқлади. Керакли ёрдам кўрсатилганидан сўнг у яқин орадаги тиббиёт муассасасига етказилган.

Бундан ташқари, Шайхонтоҳур тумани Бунёдкор кўчаси «Бунёдкор» метроси яқинида ухлаётган аниқ яшаш жойига эга бўлмаган, 1946 йилда туғилган фуқаро А.С. га ҳам биринчи ёрдам кўрсатилиб, тегишли чоралар кўриш учун Шайхонтоҳур тумани 61-сонли шаҳар Ички ишлар бўлими ходимига топширилди.

ФВВ фуқаролар ва мамлакат фуқароларига совуқ кунларда иссиқроқ кийиниб, шахсий хавфсизликка риоя этишни сўраб мурожаат қилди.