52 ўзбекистонлик ўлимига сабаб бўлган автобус ёнғинида алоқадорликда гумон қилинаётган уч нафар ҳайдовчи Ақтўбе ИИБнинг вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб келинди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Автобус ёнғини иши бўйича Қозоғистон ИИВ Тергов департаментининг ҳудудлараро тезкор-суриштирув гуруҳи жиноий иш юритмоқда.

Дастлабки тергов натижаларига кўра ёнғинга ҳайдовчилар томонидан автотранспорт воситасидан фойдаланиш қоидалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши, яъни автобус салонида чўғлама лампалардан фойдаланилиши сабаб бўлгани аниқланди.

Йиғилган далиллар жиноятга автобуснинг уч ҳайдовчиси алоқадор эканини кўрсатди. Улар 24 январь куни кечқурун қўлга олинди.

Тергов Қозоғистон Бош прокуратураси ва ИИВ назорати остида олиб борилмоқда.