Тошкентда 2017 йил давомида бозорлар, савдо мажмуалари ва одамлар тўпланадиган бошқа масканларда ўтказилган тезкор-профилактик тадбирларда 900 дан зиёд валютага оид ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи Бобир Деҳқонов маълум қилди.

2017 йилда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валюта жиноятлари ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментининг шаҳар бошқармаси томонидан 818 та валютага оид ҳуқуқбузарликлар аниқланди.

Жами бўлиб 102 та жиноий иш қўзғатилди. Уларнинг 74 таси Жиноят кодексининг 177- (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш), 25 таси — 176- (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 3 таси бошқа моддалар бўйича очилди. Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида 716 та баённома расмийлаштирилди ва 1258 та профилактик суҳбат ўтказилди.

Жорий йилда эса 91 та валютага оид ҳуқуқбузарлик фош этилган бўлиб, улар бўйича 11 та жиноий иш, жумладан 9 та ЖК 177- ва 2 та 176- модда бўйича иш қўзғатилди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида 80 та баённома расмийлаштирилиб, 500 марта профилактик суҳбат ўтказилди.