Ўзбекистоннинг бешта шаҳрида истиқомат қилувчи 240 мингдан зиёд аҳоли 25 январь куни Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан тасдиқланган «Марказлашган иссиқлик таъминоти самарадорлигини ошириш ва модернизация қилиш» лойиҳаси шарофати билан иситиш ва иссиқ сув таъминоти соҳасида сифатли ва самарали хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Лойиҳа Жаҳон банки таркибидаги Халқаро тараққиёт ассоциациясининг 140 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредити ҳисобидан амалга оширилади, дея хабар қилди банк матбуот хизмати.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарларида иситиш ва иссиқ сув таъминоти аҳволи ёмонлашди, айрим шаҳарларда эса ушбу хизмат мутлақо мавжуд эмас. Кўплаб оилалар саломатлик учун зарарли, ишончсиз, хавфсиз ёки қиммат турувчи усуллардан фойдаланишга мажбур бўлди. Айрим ҳудудларда болалар боғчалари ва мактабгача таълим муассасалари куз-қиш мавсумида иситилмасдан, болалар учун мос шароитларни ярата олмай қолди.

Лойиҳа шу каби муаммоларни Ўзбекистонда биринчи марта қўлланилаётган марказлаштирилган иситиш тизимининг замонавий моделини жорий этиш йўли билан ҳал этишга қаратилган. Лойиҳа шарофати билан Андижон, Бухоро, Чирчиқ, Самарқанд ва Тошкентнинг Сергели туманидаги кўп қаватли турар жойларда истиқомат қилаётган аҳоли учун иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизматлари яхшиланади.

Жамоат ва маъмурий бинолар, жумладан болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар ва давлат муассасаларида ҳам иситиш хизматлари сифати яхшиланади. Лойида марказий иситиш тизими инфратузилмаларини модернизация қилиш, унинг салоҳиятини кенгайтириш ва норматив-ҳуқуқий базани яхшилаш учун ҳам маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида уй хўжаликларида иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланиш даражасининг пасайиши кутилмоқда. Бу электр тармоқларидаги кучланишлар муаммосини бартараф этишга ҳам ёрдам беради. Секторнинг модернизация қилиниши электр энергияси ва табиий газ истеъмолининг камайиши, ҳавонинг заҳарланиши ва иссиқхона газлари ажралиб чиқиши даражасини пасайтиришга ҳам хизмат қилади.

Жаҳон банки айни пайтда Ўзбекистонда умумий қиймати 2 млрд доллардан зиёд бўлган 16 та лойиҳани амалга оширмоқда. Улар қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарларни ривожлантириш, сув таъминоти ҳамда санитария соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган.