Ўзбекистон Футбол ассоциацияси (аввал — Ўзбекистон Футбол федерацияси) президентлигига бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматов сайланди. Бу ҳақда 25 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида маълум қилинди.

Конференция жараёнида ЎФАнинг янгиланган устави қабул қилинди (сўнгги бор 2009 йилда ўзгартишлар киритилган — таҳр.). Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Футбол федерацияси Ўзбекистон Футбол ассоциациясига ўзгартирилди.

«Биз футболда кўп ютқаздик. Биргаликда ушбу спорт турини ривожлантирамиз, айниқса ҳудудларда. Асосий вазифа — биз қуйидан кўтарилишимиз керак, булутларда учишимиз эмас. Агарда ҳудудларда ишламасак, ҳеч нарса бўлмайди», — деди Ачилбай Раматов.

Ачилбай Раматов «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бошқаруви раиси, Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг раҳбари ҳам ҳисобланади.

ЎФФнинг собиқ президенти Умид Аҳмаджонов аввалроқ Миллий олимпия қўмитаси президенти этиб сайланган эди.