Тошкентдаги «Ўрикзор» бозорида таркибида формальдегид моддаси белгиланган меъёридан ўн баробар зиёд бўлган болалар ўйинчоқлари аниқланди, дея хабар қилди «Ўзстандарт» агентлиги матбуот хизмати. Беш номдаги ўйинчоқлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси билан харид қилинди.

Белгиланган талабларга мувофиқ, формальдегид миқдори 0,003 мг/м3 дан ошмаслиги лозим, бироқ лаборатория таҳлиллари заҳарли модда миқдори 10 баробардан зиёдроққа ошиб, 0,031 мг/м3 эканини кўрсатди.

Саратонни ўрганиш халқаро агентлиги маълумотларидан иқтибос келтирган «Ўзстандарт» формальдегид канцероген модда бўлиб, болалар организми учун жуда катта хавф туғдириши мумкинлигини маълум қилди.

«Ўзстандарт» ота-оналарга ўйинчоқлар харид қилишда фойдаланиш бўйича қўлланма ва огоҳлантирувчи белгиларга эътиборли бўлишни тавсия қилди. Жумладан қадоқларнинг мавжудлиги ва бутунлиги, қадоқларда давлат тилида ўйинчоқ қайси ёшдаги болаларга мўлжаллангани тўғрисидаги кўрсаткичлар бўлган ахборотлар борлигига аҳамият қаратиш лозим. Унда фойдаланилган материаллар, ишлаб чиқарувчи, мувофиқлик белгиси ва ўйинчоқ тайёрланиши бўйича ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар бўлиши шарт.

Ўйинчоқлардан кучли ҳидлар бўлмаслиги, ота-оналар қўлга ушлаганида бўёқ излари қолмаслиги лозим.

Сифатсиз ўйинчоқлар аниқланган тақдирда истеъмолчилар «Ўзстандарт» (+99871−1502300) ёки Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига (1091) қўнғироқ қилиш сўралади.