23 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатда бўлиб турган Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) Европа ва Марказий Осиё масалалар бўйича минтақавий катта маслаҳатчи Манфред Профази бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ХМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиш ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ҳозирча ХМТга аъзо эмас. Шунга қарамасдан томонлар ўртасида конструктив мулоқот ўрнатилгани, Ўзбекистон экспертларининг миллий манфаатларимизга жавоб берувчи ташкилот тадбирларида фаол иштирок этаётганлиги таъкидланди.

Томонлар одам савдосига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликнинг самарали хусусияти мамнуният билан қайд этилди.

Учрашувда барча соҳаларда, жумладан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканликлари тасдиқланди.