Қозоғистон Инвестициялар ва ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Транспорт қўмитаси ИИВ маъмурий полицияси билан биргаликда «Автобус» тезкор-профилактик тадбирларини ўтказади.

Қозоғистон ИРВ матбуот хизматининг хабар қилишича, қарор 18 январь куни Оқтўба вилоятида 52 нафар Ўзбекистон фуқаросининг ўлими билан тугаган автобус ёнғини муносабати билан қабул қилинди.

22 январдан 18 февралга қадар туманлараро, шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишларда йўловчилар ва қўл юкларини ташиш билан шуғулланувчи транспортлар ва ҳайдовчилар текширилади. Йўловчи автобуслари ва таксиларда техник носозликлар аниқланса, улар хавфсизлик талабларига жавоб бермаса, улардан кейинчалик фойдаланишни тақиқлашгача бўлган чоралар кўрилади, дейилади хабарда.

Қўшимча равишда жамоатчилик вакиллари ва транспорт назорати инспекцияси ходимларидан иборат мобил гуруҳлар автотранспортларнинг эҳтимолий яширин йўналишларини аниқлаш билан шуғулланиши режалаштирилмоқда. Асосий эътибор автотранспортларни техник, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни мажбурий асосда олиб бориш, шунингдек меҳнат ва дам олиш тартибларига риоя этилишини текширишга қаратилади.

«Рубеж» санитар-карантин пунктида Қозоғистон автомобиль йўлларида йўловчилар ва қўл юкларини ташиш устидан назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.

Шу ўридан Ўзбекистон ФВВ Қозоғистоннинг шимолий, марказий ва шарқий вилоятлари орқали сафарга чиқишни режалаштирган аҳолидан мазкур ҳудудларда кучли совуқ бўлиши кутилаётгани муносабати билан йўловчи автобуслари ва шахсий автотранспортда йўлга отланишдан тийилишни тавсия қилмоқда.