Тошкент ИИББ ходимлари ички ишлар органлари форма либосини кийиб, ўзини йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими деб таништирган эркакни қўлга олди, дея хабар қилди ИИББ матбуот хизмати.

20 январь куни тахминан 14:30 ларда Сергели туманидаги «Сергели» блокпостига фуқаролардан бири мурожаат қилиб, автомашиналар ҳайдовчилари ҳужжатларини текшираётган шубҳали ЙҲХБ ходими тўғрисида маълумот берди.

Мазкур хабар асосида ИИББ ходимлари Бинокор кўчасидаги фуқаро маълум қилган жойга борганида ҳақиқатдан ҳам фуқаро Азизбек Рузматов ички ишлар органи ходимларининг хизмат кийимида гўёки ЙҲХБ ходими сифатида автоуловларни тўхтатиш билан шуғулланаётгани аниқланган.

Азизбек Рузматов текширилган вақтда, у аслида ЙҲХБ ходими эмаслиги маълум бўлган ва ундан жезл, радиоалоқа воситаси, хуштак, ЙҲХБ ходимининг қалбаки кўкрак нишони ва қалбаки маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Рузматовга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Ушбу шахс ҳаракатларидан жабрланганлардан 102 телефон рақами орқали ёки яқин ўртадаги ички ишлар бўлимларига мурожаат қилиш сўралмоқда.