Ўзбекистондаги барча масжидлардаги жума намозлари 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобус ёнишида ҳалок бўлган ватандошлар хотирасига бағишланди, дея хабар қилди Мусулмонлар идораси матбуот хизмати.

Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Фожиада ҳалок бўлган ҳаққига дуолар қилинди.

Шунингдек, уламолар ва имом-домлалар томонидан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириш, масжид-мадрасаларда хатми Қуръонлар ўқиб, руҳи покларига бахшида қилиш ва яқинларига тасалли бериш каби савобли ишлар бошланди.

Қозоғистон Олий муфтийси Серикбай Хажи Ораз Усмонхон Алимовга ҳамдардлик сўзлари битилган телеграмма жўнатди. Бутун мамлакатдаги жума намозлари ҳалок бўлган ўзбекистонликлар хотирасига бағишланди, дея хабар қилди Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси.