Тошкентда янги кўп қаватли уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватлари ҳамда якка тартибдаги хонадонларда хусусий болалар боғчалари очилади. Пойтахт ҳокимининг 16 январдаги қарори билан 2018−2019 йилларга мўлжалланган бу борадаги режа тасдиқланди.

Шаҳар маъмурияти ахборот хизматининг хабар қилишича, жорий йилда 420 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган 218 та янги кўп қаватли турар жойларнинг биринчи ва иккинчи қаватларида 80 ўринга мўлжалланган кичик хусусий болалар боғчалари ташкил этилади. 202 та якка тартибдаги хонадонда эса 40−50 ўринга мўлжалланган болалар боғчалари очилади.

Тадбиркорлар болалар боғчаларини қуриш учун ер майдонлари ҳамда бўш ётган иншоотларни бепул олиш имкониятига ҳам эга бўлишди. Натижада яна 164 та хусусий боғчанинг ишга тушиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, кейинги икки йил давомида қониқарсиз ҳолатдаги 61 та давлат боғчасини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида жами 632 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг 447 таси Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқарма тасарруфида, 185 таси хусусий фаолият юритаётган болалар боғчалари ҳисобланади. Уларда жами 122980 нафар болалар тарбияланмоқда. Шундан, бош бошқармаси тасарруфида бўлган болалар боғчаларида 114095 нафар, хусусий болалар боғчаларида 8885 нафар бола қамраб олинган.

Ҳозирда пойтахтда 3 ёшдан 6 ёшгача, яъни боғча ёшидаги болалар сони 190 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. 69 минг нафарга яқин болалар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган.