Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия термаси U-23 Осиё чемпионати чорак финали доирасида Япония термаси устидан ғалаба қозонди. Хитойнинг Цзянъин шаҳрида 19 январь куни бўлиб ўтган учрашув 4:0 ҳисобида якунланди.

Фото: ЎФФ.

Учрашув Қозоғистонда автобусдаги ёнғинда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари хотираси учун бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди.

Ўзбекистон футболчилари биринчи дақиқалардан рақибга босим ўтказиб, уларнинг ҳаракатланиши учун имкон қолдиришмади. Бош мураббий Равшан Ҳайдаров шогирдларининг шиддатдор прессинги амалдаги Осиё чемпионларини қийин аҳволга солиб қўйди; танаффусгача ўзбекистонликлар учта гол киритди.

Ҳисоб ўйиннинг 31-дақиқасида ярим ҳимоячи Жавоҳир Сиддиқов томонидан очилди.34 ва 39-дақиқаларда Достонбек Ҳамдамов ва Жасурбек Яхшибоев ҳисобни йириклаштирди. Биринчи таймда «оқ бўрилар» рақиб дарвозага 13 маротаба зарба йўллаган бўлса, япон футболчилари бирор марта ҳам жавоб йўлламади.

Ўзбекистонликлар яққол устунлик қилганига қарамасдан олға интилишда давом этиб, дарвозани яна бир марта ишғол эта олди — Жасурбек Яхшибоев дубль қайд этди.

23 январь куни 13:00 да Ўзбекистон Жанубий Корея-Малайзия учрашуви ғолибига қарши ўйнайди.

Видео

Жамоалар таркиби статистикаси