Пойтахт аэропорти халқаро терминалидан йўловчиларнинг чиқиш вақти тўрт баробарга тезлашди. Агарда авваллари пойтахт аэропортига етиб келган рейсдан ҳаво бандаргоҳини тарк этгунча ўртача 2 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозирда биринчи йўловчи 21 дақиқада, сўнгги йўловчи эса 33 дақиқада аэропортдан чиқиб кетмоқда.

Бу ҳақда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси сайтида Сеулнинг (Жанубий Корея) «Инчхон» аэропорти консультанти Парк Чан-кюга таяниб хабар қилди. Ушбу маълумотлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти инфратузилмалари самарадорлигини ошириш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатишнинг биринчи босқичи якунларига бағишланган йиғилишда тилга олинди.

Парк Чан-кю 1 январдан «яшил» ва «қизил» йўлакларнинг очилиши йўловчиларнинг барча зарур тартиб-таомиллардан ўтишларини анчагина тезлаштирганини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Президенти шавкат Мирзиёевнинг ноябрда Корея Республикасига уюштирган сафарида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва халқаро «инчхон» аэропорти ўртасида ўзаро англашинув тўғрисидаги меморандум имзоланган эди.

Тошкент аэропорти фаолияти таҳлилининг биринчи босқичида саккиз нафар хорижлик мутахассис иштирок этиб, терминал фаолиятини яхшилаш бўйича тавсияларни тақдим этиб, ҳаво бандаргоҳи фаолиятига баҳо берилди.

Кореялик мутахассисларнинг «Тошкент» аэропорти ҳудудидан, шу жумладан аэропортнинг шаҳар тарафига бирикиб кетган ҳудудидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва оптималлаштириш, кутиб олувчи ва кузатувчилар учун сервис хизматлари кўрсатиш бўйича таклифлари ҳам муҳокама қилинди.

Зарурат туғилган тақдирда корейс мутахассислари доимий асосда Тошкент аэропорти фаолиятига жалб қилиниши мумкин.

Ҳамкорлик доирасида МАК ходимлари учун Жанубий Кореяда аэропортлар хизматлари ва иншоотларини фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари бўйича ўқув семинарлари ўтказилади.