Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 январь куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича тайёргарлик ишларини самарали олиб бориш ва ушбу санани ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.

30 январь куни Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрда қабул қилинган қарори асосида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов мақбара мажмуаси, Қарши шаҳрида эса Биринчи Президент хотирасига бағишлаб ҳайкал бунёд этилмоқда.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан ҳужжатли фильм суратга олинмоқда. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан бир қанча илмий-оммабоп китоблар, жумладан, Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асари нашр этилмоқда.

Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом Каримов хайрия жамоат фонди томонидан ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Мартда Самарқандда Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб халқаро илмий конференция ўтказилади.

Юбилей кунларида барча таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, нуронийлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Биринчи Президентимиз хотирасига бағишланган учрашувларни мазмунли ва юқори савияда, таъсирчан руҳда, аниқ ҳаётий мисоллар асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

«Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ барча маросим ва тадбирларни Биринчи Президентимизнинг Ватанимиз олдидаги унутилмас хизматларига ҳар томонлама муносиб ҳолда ўтказиш бизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Президент асосий юбилей тадбирларини юксак даражада ўтказиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.