Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилди, дея хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Комиссия Қозоғистон вакиллари билан биргаликда Ақтўбе вилоятида автобусда юзага келган ёнғин сабаблари ва мамлакат фуқаролари шахсини аниқлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Ҳукумат комиссияси таркибидан ташқи ишлар, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа маҳкамалар вакиллари ўрин олган.

ФВВ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларининг «Газета.uz"га маълум қилишича, Мудофаа вазирлигининг махсус борти Қозоғистонга учишга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳодиса жойига ўзбекистонлик мутахассислар ва шифокорлар жўнатилади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Иргиз туманида автобуснинг ёниб кетиши оқибатида 52 киши ҳалок бўлди, 5 киши жароҳатланди. ФВВнинг дастлабки маълумотларига кўра, йўловчиларнинг катта қисми Ўзбекистон фуқароларидир.