Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобуснинг ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, дея хабар берди «Ўзбекистон 24» каналининг «Ахборот 24» дастури.

Давлат топшириғи билан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Ушбу комиссия 18 январь куни автобуснинг ёнишига олиб келган сабаблар, ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари шахсини аниқлаш ва ҳалок вафот этганларнинг оилаларига зарур ёрдамларни кўрсатиш билан шуғулланади.

Автобус пайшанба куни эрталаб «Самара-Чимкент» йўлининг Иргиз тумани ҳудудида ёниб кетган. 52 киши ҳалок бўлди, 5 киши жароҳатланди. Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчиларнинг катта қисми Ўзбекистон фуқароларидир.

Бир қатор давлатлар раҳбарлари Ўзбекистон Президентига ҳамдардлик билдирди. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўз мурожаатида шундай деди: «Ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишга ҳамдард бўлар эканман, Қозоғистон халқи ва шахсан ўз номимдан ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман». Қозоғистон Президенти топшириғи билан фожиа сабаблари ва тафсилотларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилди.

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ўз ҳамдардлик телеграммасида шундай дейди: «Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилоятида содир бўлган фожиали ҳодиса натижасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вафот этгани муносабати билан Қирғизистон Республикаси халқи ва шахсан ўз номимдан ҳамдардлик билдираман. Ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қариндошларига чуқур ҳамдардлик сўзларимни етказиб қўйишингизни сўраб, жабрланганларнинг тез орада соғайиб кетишини тилаб қоламан».

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамдардлик мактабида шундай дейди: Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилоятида 52 кишининг ўлимига олиб келган йўловчи автобусида келиб чиққан ёнғин ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қарши олдим. Ҳурматли Шавкат Миромонович, Тожикистон Республикаси халқи ва Ҳукумати номидан ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлигимиз ва қайғудош эканимизни, шунингдек мазкур фожиада жароҳатланганларга тез орада тузалиб кетишига тилакдош эканимизни етказиб қўйишингизни илтимос қилиб қоламан".