Адлия вазирлигида Ўзбекистон Ислом академияси давлат рўйхатидан ўтказилди, дея хабар қилди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита. Президент Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни академияни ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

Академия Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги диний ва дунёвий таълим берувчи нодавлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасасидир.

16 январь куни Адлия вазирлиги вакили Мусулмонлар идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ва Ислом академияси ректори Неъматулла Ибрагимовга академиянинг рўйхатга олингани тўғрисидаги гувоҳномани топширди. Муфтий Усмонхон Алимов ОТМнинг ташкил этилиши мамлакатдаги мусулмонлар учун катта совға бўлганини таъкидлади.

Ислом академиясида қуръоншунослик, тафсир ва фикҳ, ҳадисшунослик, калом илми йўналишлари бўйича магистрлар тайёрланади. Бундан ташқари, бу ерда базавий докторантура ва докторантура ҳам фаолият кўрсатади.

Таълим олиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш учун тўлов-шартнома асосида Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар фуқаролари қабул қилинади. Мустақил тадқиқотчилар учун масофавий таълим ва мустақил тадқиқот олиб бориш имкониятларини жорий этиш режалаштирилган.