Жанубий Корея пойтахти сеул шаҳри мэрияси делегацияси Тошкент ҳокимиятига «Рақамли идора» тизимини жорий этиш, давлат хизматларини такомиллаштириш, шунингдек Ўзбекистон пойтахтида Сеул кўчасини яратишда кўмаклашади. Бу ҳақда 17 январь куни шаҳар маъмуриятида бўлиб ўтган тизим тақдимотида маълум қилинди.

Делегациянинг техник мутахассислари 16−23 январь кунлари жойлардаги объектларни ўрганиб, ишлар миқёсини баҳолаш учун дастлабки изланишларни олиб боради. Меҳмонлар Тошкент ҳокимияти, Давлат хизматлари агентлиги, турар жой-коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, халқ қабулхонаси ва Тошкент ИИББ IT-тизимлари фаолияти ва тузилмалари билан танишади.

Пэк Чжон Мун.

Делегация раҳбари, Сеул мэрияси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Пэк Чжон Мун Сеэл мэриясида йўлга қўйилган тизим бутун шаҳардаги жараёнларни кузатиш, коммуникация, инфратузилма иншоотлари ва хавфсизликни таъминлаш соҳаларидаги ахборотларни олиш имкониятини беришини таъкидлаб ўтди.

«Реал вақт режимида мэрга шаҳарда бўлаётган воқеалар тўғрисидаги маълумотлар келиб тушади. Бундай турдаги ахборот тизими Тошкент ҳокимига шаҳарни самарали бошқариш, аҳолидан келиб тушаётган шикоят ва мурожаатларни қабул қилиш ва қайта ишлашни такомиллаштириш ва яхшилашга ёрдам берар эди», — деб ҳисоблайди у.