Жиноят ва ҳуқуқбузарликларга тайёргарлик кўрилаётгани тўғрисидаги ишончли хабар рағбатлантирилади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 8 январдаги қарори билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашдаги иштироки учун фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш тартиблари тўғрисидаги низом тасдиқланди, дея хабар қилди Norma.uz.

Қасддан содир этиш режалаштирилган ёки амалга оширилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жиноятнинг тўлиқ очилишида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёрдамлашиш, жиноятни содир этган ёки қидирувда бўлган шахс, унинг жойлашган ўрни ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш, жиноятларни содир этиш сабаблари ва уларни келтириб чиқарувчи шароитларни бартараф этиш бўйича таклифлар ва ташаббусларни амалга татбиқ этиш ва бошқа ҳолатларда фуқаролар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Пул мукофотлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан бевосита шуғулланувчи органлар томонидан тақдим этилади. Уларнинг ўзлари мукофотлаш учун асос ҳисобланган барча зарур ҳужжатларни йиғиб, расмийлаштиради.

Жиноятлар профилактикаси билан ички ишлар органлари, прокуратуралар, Миллий хавфсизлик хизмати, адлия органлари, давлат божхона ва солиқ хизматлари, меҳнат, таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари шуғулланиши мумкин.

Туман (шаҳар) комиссиялари ЭКОИҲнинг 10, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари ЭКОИҲнинг 15, республика комиссияси эса ЭКОИҲнинг 20 баробаригача миқдорда фуқароларни рағбатлантириши мумкин.

Комиссиялар даражасидан ташқари, мукофотнинг аниқ ҳажми кўмаклашилган профилактика органи турига ҳам боғлиқ.

Жамоат ташкилотларига пул мукофотлари берилмайди, уларга миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилади.