Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Самарқандда йўл-патруль хизмати ходимлари ва маст ҳолатдаги Nexia автомобили ҳайдовчиси ўртасидаги можаро акс этган видеороликка изоҳ берди.

ИИВ хабарида қайд этилишича, 14 январь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида йўл-патруль хизмати ходимлари билан автомобиль ҳайдовчиси ўртасида бўлган жанжал ҳолати видеотасвири жойлаштирилган.

ИИВ маълумотларига кўра, ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, автомашинани бошқарган. Йўл-патруль хизмати ходимларининг қонуний талабларига итоат қилмасдан ҳаракатни давом эттириб, йўлдаги тирбандликлардан ўтиб кетиш имконияти бўлмаганидан мажбуран тўхтаган.

Ушбу жойга етиб келган ЙПХ ходимлари ҳайдовчидан автомобиль салонидан спиртли ичимлик хиди келганлиги туфайли рулдан тушиб ҳужжатларни тақдим қилишини сўраган. Шу вақт автомашина салонида ўтирган йўловчи ЙПХ катта инспектори олдига келиб, ҳеч бир сабабсиз унга мушт туширган ва оёқлари билан тепган.

Воқеа жойига наряд чақирилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Экспертиза хулосаларига асосан ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги ва катта инспекторга тан жароҳати етказиб, ички ишлар ходимларининг қонуний талабига итоат қилмаганлиги учун тўпланган материаллар қонуний ҳал қилиниши учун прокуратура органларига юборилди.