Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Ҳарбий прокуратура ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида ҳарбий полигон қуриш учун тендерда ёрдам бераман, деб алдов йўли билан пул олган фирибгарни қўлга туширди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри хабар қилди.

«1974 йил Тошкент вилояти Пскент туманида туғилган, Олмалиқ шаҳрида яшаб келган „Композит арсенал строй“ МЧЖ директори бўлган Ўткир Абдунаимов хусусий пудрат ташкилотларидан бирининг бош директоридан фирибгарлик йўли билан катта миқдорда хориж валютасини олишга уринган», — дейди ҳуқуқ-тартибот идораси вакили.

У Самарқанд вилоятида умумий қиймати 42,5 миллиард сўмга тенг ҳарбий полигонни қуриш бўйича тендерда ютиб чиқишга гўёки ёрдам бераман деб 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Бу Абдунаимов томонидан шу каби қинғирликни биринчи марта амалга оширилиши эмас экан. 2016 йил октябрь ойида у пудрат ташкилоти бош директори қариндошларидан бирини ҳам алдаган. Оқибатда ёлғонга чув тушган томон Сирдарё вилоятида трасса участкасини қуриш учун ўз ишчиларидан 50 миллион сўм қарз бўлиб қолган.

Фирибгар пойтахтнинг янги ТашМИ ҳудудида 20 минг АҚШ долларини аванс сифатида нақд шаклда олаётганида қўлга олинди.

Айни пайтда Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси томонидан ушга шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 211(пора бериш)-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилаяпти.