Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида ЮНИСЕФ кўмагида илк бор жиноятга гувоҳ бўлган ёки унинг жабрдийдасига айланган вояга етмаганлар учун мўлжалланган болаларга дўстона муҳит яратилган тергов ҳаракатлари хонаси очилди. Бу ҳақда ЮНИСЕФ матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур хонада вояга етмаганларнинг ёши, етуклиги ва психологик ҳолатлари ҳисобга олинган ҳолда улар учун хавфсиз ва қўрқитмайдиган муҳит яратилган.

Хона ЮНИСЕФ кўмагида илғор халқаро амалиётлар асосида таъсис этилди. Ҳимояланганлик муҳитини яратиш, жароҳатлар эҳтимолини камайтириш ва болаларга дўстона муносабат ўрнатиш учун сўроқ хонаси замонавий видео ва аудио ускуналар билан жиҳозланган. Бу қайта сўроқлар ўтказишнинг олдини олиб, дастлабки терговлар босқичида ишончлироқ кўрсатмалар олишга имкон туғдиради. Ахборот ва коммуникация технологияларининг жорий этилиши вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Ички ишлар вазирлиги ва ЮНИСЕФ жиноятлар гувоҳига айланган ёки уларда жабрланган вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш ҳамда бу борадаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиради. Ички ишлар органлари вояга етмаганлар иштирокидаги ишларни юритиш учун махсус тайёргарликдан ўтади. Шунингдек методик қўлланма ва материаллар тайёрлаш, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам шу каби хоналарни ташкил этиш режалаштирилган.