14 январь куни20:40 да Spark автомобилининг 1999 йилда туғилган ҳайдовчиси Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг Олмазор туманидаги қисмида икки пиёда аёлни уриб кетди. Олинган тан жароҳатлари натижасида пиёдалар Тошкент тиббиёт академияси шифохонасига олиб боришда ҳаётдан кўз юмди.

Йўл-транспорт ҳодисасида 1970 ва 1966 йилларда туғилган Тошкентда истиқомат қилувчи аёллар вафот этди, дея хабар қилди Тошкент ИИББ ЙҲХБ вакили «Газета.uz"га.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотларига кўра, ҳайдовчи ҳушёр ҳолатда бўлган, бироқ ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларга эга бўлмаган. Бундан ташқари, автомобиль бошқа шахсга тегишли бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми бўйича (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш одам ўлимига олиб келса) жиноий иш қўзғатилди.