Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи жараёнида Тожикистон билан визасиз режим тўғрисидаги келишув имзоланиши мумкин. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 15 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Тожикистонга ташрифи вақтида тегишли келишувга эришилди.

«Ўйлайманки бу навбатдаги жиддий қарор. У Тожикистон фуқаролари ўртасида ҳам катта қизиқишларга сабаб бўлади — биринчидан, бу қариндошларникига ўзаро ташрифлар, иккинчидан эса бу туризм демакдир», — деди туризм маҳкамаси раҳбари.

У Тожикистон аҳолиси учун ҳам тиббий туризм, ҳам Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини томоша қилиш қизиқарли бўлишини таъкидлаб ўтди.

Азиз Абдуҳакимовнинг дастлабки ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили Тожикистондан 150−200 минг сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкин.

Виза режимини бекор қилиш ёки соддалаштириш ишлари бош вазирнинг Тожикистонга ташриф буюрган вақтдан олиб борилмоқда. МДҲ давлатларига (Туркманистондан ташқари) ўхшаш виза режимини жорий этиш режалаштирилмоқда, дея аниқлик киритди Туризм қўмитаси вакили «Газета.uz"га.

"Қандай якуний қарорга келишимиз Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи жараёнида аниқ бўлади. Бу давлат раҳбарлари қандай қарорга келишига боғлиқ, чунки бу ерда жуда кўп вазиятларни — логистикадан тортиб чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларигача ҳисобга олиш лозим: улар қаерларга жойлаштирилади, келгусида улар қаерда туради ва одамлар қандай қилиб чегарадан ўтади", — деди маҳкама вакили.