Tourist-friendly кўнгилли сертификатига эга умумий овқатланиш муассасаси куну тун ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Учрашувда қайд этилишича, ресторанлар, кафе ва барлар 23:00 да ўз эшикларини ёпишлари лозим. Ушбу масала юзасидан Давлат туризм қўмитасига сайёҳлар ва умумий овқатланиш муассасалари раҳбарларидан шикоятлар келиб тушмоқда.

«Биз куну тун ишлашни хоҳлаган кафе ва ресторанлар сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаб, tourist-friendly тизими талабларига жавоб беришини таклиф қилдик. Давлат туризм қўмитаси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Ўйлайманки, тез орада бизда 24 соат ишлайдиган умумий овқатланиш муассасалари пайдо бўлади», — деди у.

Tourist-friendly («сайёҳларга дўстона») сертификати уч йил муддатга берилиб, мазкур муассаса санитария меъёрлари, маҳсулотлар сифати ва ассортиментига бўлган талабларга жавоб бериши, сув, электр таъминоти, видеокузатув тизимлари ва бошқа хавфсизлик чоралари, шунингдек хорижий тилларни билувчи ходимлар ҳамда турли тўлов тизимлари мавжуд бўлиши лозим.