15 январь куни Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Суҳбат давомида БМТ Бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи ва унинг 2017 йил 10 июндаги Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви давомида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида БМТ Хавфсизлик кенгашининг бўлажак тадбирлари — «Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик: ишонч чоралари» номли тадбирида ва вазирлар даражасидаги «Хавфсизлик ва тараққиётнинг ўзаро боғлиқ модельи сифатида Афғонистон ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш» мавзусидаги очиқ мунозараларнинг кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.