11 январь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ва Швециянинг Danfo компанияси вакили Алексей Шалашинский билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон вилоятларида жамоат ҳожатхоналари инфратузилмаларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Бутун мамлакатда замонавий ҳожатхоналар тармоғининг ташкил этилиши Ўзбекистон туризм жозибадорлигини ошириш борасидаги ишлар доирасида амалга оширилмоқда. Турли хилдаги ҳожатхоналар — мобил кабиналардан тортиб тўлиқ автоматлаштирилган пунктларгача ишлаб чиқаришга ихтисослашган Danfo компанияси ҳожатхоналар тармоғининг эҳтимолий оператори сифатида кўрилмоқда.

Ўзбекистон бозорида муваффақиятли иш олиб бориши учун компанияга мамлакат иқлимини (+45 дан -35 даражагача), шунингдек канализациянинг мавжуд эмаслиги, электр ва сувга уланиш имконияти бўлмаслигини ҳисобга олган ҳолда ҳожатхоналарнинг турли намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Ҳожатхоналар ўз утилизацион сиғимлари ва сув учун баклар, айрим ҳолларда ёритиш учун қуёш батареялари билан таъминланган бўлиши мумкин. Вандализмга қарши ҳимояланган ва максимал даражада экологик тежамкор бўлиши, ювиш учун одатдагидек 6−8 литр эмас, балки 2 литргача сув сарфлаши лозим.

Ҳожатхоналардан сифатли фойдаланиш учун уларни GSM-алоқа ва датчиклар билан таъминлаш таклиф қилинди. Ушбу тизимлар утилизацион сиғимлар тўлгани ва сув кам қолгани ҳақида операторни хабардор қилади. Имконияти чекланган одамлар учун шароитларнинг мавжудлиги муҳим жиҳат ҳисобланади.

Давлат туризм қўмитаси раҳбари ҳожатхоналарни қуришда максимал даражада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва бутловчи қисмлардан (сэндвич-панеллар, пластик қувурлар ва деталлар, мустаҳкамлаш элементлари ва бошқалар) фойдаланиш орқали тайёр маҳсулот таннархини арзонлаштиришни таклиф қилди. Бундан ташқари, Danfo компаниясининг турли кўринишдаги ҳожатхоналарини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятлари ўрганиб чиқилади.