Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИМнинг 50 фоизидан кўпроқни ташкил этади. Пайшанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб йиғилишида иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев экспертлар баҳосига асосланиб бу ҳақда маълум қилди.

«Экспертлар ҳисоб-китобига кўра, ялпи ички маҳсулотда яширин иқтисодиётнинг улуши 50 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Бу, ўз навбатида иқтисодиётнинг ривожланишига ва бюджет тушумларига халал бермоқда», — деди Мубин Мирзаев.

Унинг сўзларига кўра, валюта бозорини либераллаштириш мазкур муаммони ечишда биринчи қадам бўлди, келгуси қадам эса солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўлади.

«Масалан, қўшилган қиймат солиғи (20 фоиз — таҳр.), агарда у имтиёз ва преференцияларсиз олинса, давлат бюджетининг 80 фоизгача харажатларини қоплаши мумкин. Шуни айтишни хоҳлардимки, 1 июлга қадар солиқ тизимини қайта кўриб чиқамиз. Иккинчидан, барча тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва рақобат муҳитини яратиш бўйича аниқ таклифларни киритиб, яширин иқтисодиётни легаллаштиришга имкон берамиз», — деди иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари.

Яширин иқтисодиёт улушининг камайтирилиши солиқ базасини кенгайтириш ва давлат бюджетининг даромад қисми барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Солиштириш учун: халқаро Дипломли сертификатли бухгалтерлар уюшмаси (ACCA) тадқиқотларига кўра (PDF) 2016 йилда норасмий иқтисодиёт ҳажми Россияда ЯИМнинг 39 фоизи, Озарбайжонда — 67 фоиз, Украинада -45,9 фоиз, Туркияда — 25,7 фоизни ташкил этади. Яширин сектор ҳажми АҚШ (ЯИМнинг 7,7 фоизи), Япония (10 фоиз) ва Хитойда (10,1 фоиз) нисбатан паст кўрсаткичларга эга.