2017 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажми 249,1 трлн сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 5,3 фоизга ўсди. Ўтган йил якунларига кўра, ЯИМнинг аҳоли жон бошига ҳиссаси 7,6 млн сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 3,6 фоизга ўсди.

ЯИМ ҳисоб-китоблари бўйича дастлабки маълумотларни Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси эълон қилди.

Миллий иқтисодиётнинг барча соҳалари томонидан яратилувчи ялпи қўшилган қиймат ЯИМнинг умумий ҳажмига нисбатан 89,8 фоизни ташкил этиб, 5,3 фоизга ўсган.

ЯИМ ўсишига ўтган йилга нисбатан 6,9 фоиз ўсиш қайд этган хизмат кўрсатиш соҳаси катта ҳисса қўшди. Яшаш ва овқатланиш 3,9 фоизга (ЯИМ тузилмасидаги улуши — 11,5 фоиз), ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа -8,9 фоизга (11 фоиз) ҳамда бошқа хизматлар — 7,3 фоизга (24,8) ўсди.

Саноатда қўшилган қиймат 4,6 фоизга ўсиб, ЯИМ тузилмасида 26,7 фоизни ташкил этди. Саноат ишлаб чиқариши томонидан ЯИМнинг ўсишига қўшилган ҳисса 1,1 фоиз пункти даражасида бўлди.

Саноат соҳасидаги ўсиш тоғ-кон саноати ва карьерларни ишга тушириш (114,6 фоиз) ва қайта ишловчи саноатда (102,8 фоиз) қўшилган қийматнинг ўсиши ҳисобига таъминланди.

Кўп квартирали турар жойлар, намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги турар жойлар, муҳандислик ва транспорт коммуникацияси ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларининг қурилиши натижасида қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиши 5,6 фоизга етди. ЯИМ тузилмасида қурилишнинг жами салмоғи 6,8 фоизни ташкил этди. Қурилиш соҳасининг ЯИМ ўсишига қўшган ҳиссаси 0,4 фоиз пунктни ташкил этди.

Ўтган йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида ҳам 2 фоиз даражасидаги ижобий ўзгаришлар кузатилди. ЯИМ тузилмасида соҳанинг ҳиссаси 19,2 фоизни ташкил этиб, ЯИМ ўсишига 0,4 фоиз пункти миқдорида ҳисса қўшди.

2017 йилда ЯИМ тузилмасида мулкчилик шакли бўйича 81 фоиз улуш нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келган бўлса, 19 фоиз давлат секторига мансуб бўлди.