2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиётида ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 1,4 баробарга ўсиб, 2,4 млрд доллардан ошди. Бунда умумий инвестиция ҳажмида хорижий инвестицияларнинг улуши ўтган йилдаги 15,3 фоиз ўрнига 20,4 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда жума куни Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида бош вазир ўринбосари Суҳроб Холмуродов маълум қилди.

«Биз пухта режалаштириб, узоқ муддатли ғояларни ва инвестиция мақсадларини шакллантиришнинг ягона концепциясини қўлламасдан туриб ҳар йилгидек инвестицион дастурларни қабул қилишдек эскирган амалиётдан воз кечдик», — деди бош вазир ўринбосари ўз нутқида.

Унинг таъкидлашича, эндиликда 10−15 йилга мўлжалланган давлат дастурлари ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси тузилиши, у турли манбалар, жумладан чет эл инвестициялари ва кредитларидан маблағ тўплаши маълум қилинди.