2018 йилги давлат бюджетида ҳарбий харажатлар ЯИМ ҳажмига нисбатан 4 фоизгачани ташкил этади. Бу ҳақда 11 январь куни халқаро пресс-клуб йиғилишида Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмонжон мамажонов маълум қилди.

«Яқинда Ўзбекистон Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Давлат бюджетида Мудофаа доктринаси ва аввал қабул қилинган бошқа ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда зарур маблағлар ажратиш кўзда тутилган. Бу маблағлар армиямизни ривожлантиришимиз учун етарли. ЯИМнинг 4 фоизигача миқдорда ажратиш режалаштирилмоқда», — деди Исмонжон Мамажонов.

Сешанба куни Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси тўғрисида"ги қонунни имзолаган эди. Янгиланган доктрина дунё ва минтақадаги вазиятнинг ривожланиш динамикаси, вужудга келувчи хавф-хатарларга тезкор муносабат билдириш зарурлиги, шунингдек қўшинларни замонавий қурол-яроғлар ва ҳарбий техникалар билан қайта таъминлаш, миллий мудофаа-саноат мажмуасини яратишни ўз ичига олади.

Ўзбекистон ЯИМнинг 2018 йилда 290,6 трлн сўм миқдорида бўлиши башорат қилинмоқда. Жорий йилда бюджетнинг даромад қисми ЯИМнинг 21,4 фоизи ёки 62,229 трлн сўм, харажатлар эса ЯИМнинг 21,4 фоизи ёки 62,17 трлн сўм миқдорида бўлиши режалаштирилган.