Президент Шавкат Мирзиёев 9 январь куни Ўзбекистон Марказий банки фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда тан олинишича, мамлакатда пул-кредит сиёсати мавжуд салоҳият даражасида амалга оширилмаган, пул-кредит механизмлари фаолияти ва самарадорлигини таъминловчи трансмиссион механизмлар етарлича ривожланмаган.

Фармон билан Марказий банк фаолиятининг стратегик мақсадли йўналишлари белгилаб олинди. Улар нархлар барқарорлиги, банк тизими барқарорлиги ва ривожланиши, шунингдек тўлов тизимлари барқарорлиги ва ривожланишини таъминлашдан иборат.

Ҳужжатга мувофиқ Республика банк кенгаши, Пул-кредит сиёсати бўйича Республика комиссияси ва Муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарздорликни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссияси фаолияти тугатилди. Бундан ташқари, Марказий банк қошидаги Ўзбекистон молия секторини ривожлантириш агентлиги тугатилди.

МБ Вазирлар Маҳкамаси томонидан бошқариладиган давлат органлари рўйхатидан чиқарилди (қонун бўйича у Сенатга ҳисоб беради). Фармон билан МБнинг такомиллаштирилган ташкилий тузилмаси ҳам тасдиқланди.

Марказий банкка 2018−2019 йилларда босқичма-босқич кадрлар хизматининг замонавий тизимини жорий этиш топширилди. Ушбу тизим кадрларни саралаш, рационал жойлаштириш, сифатли кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда ходимлар меҳнати самарадорлигини ошириш ва уларни рағбатлантиришни кўзда тутади.

Фармон орқали банкрот деб эълон қилинган ёки кредит бўйича қопланмаган қарздорликка эга корхоналар мол-мулкларини банклар томонидан сотилиши амалиёти бекор қилинди. Бундан ташқари, банкларнинг инвестицион компаниялар ва жамғармалар, шунингдек банк фаолиятига профилланмаган хўжалик субъектларини бошқарувчи компаниялар низом жамғармасида иштирок этиши тақиқланди.