Ўзбекистонда хориждаги ҳамюртлар билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги Президент қарори лойиҳаси 20 июлгача ишлаб чиқилади, дейилади жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2018 йилги Давлат дастури лойиҳасида.

Лойиҳада чет элдаги ватандошларга кириш визалари, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш учун рухсат олиш, меҳнат фаолияти юритишга лицензия олиш тартибларини соддалаштириш кўзда тутилади.

Шунингдек ҳужжатда хорижда яшаётган юқори малакали Ўзбекистон фуқаролари ва ватандошларнинг давлат бошқаруви, иқтисодиёт, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишлардаги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишини рағбатлантириш чоралари акс этади.

Бундан ташқари, мамлакат ривожланишининг устувор йўналишларида раҳбар ва мутахассис лавозимларига очиқ танловлар эълон қилиш тартиби белгиланади.