Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистонда мамлакат аҳолиси ва сайёҳлар учун саёҳатларда қулай шароитлар яратиш мақсадида жамоат ҳожатхоналари ҳолати яхшиланади.

Давлат туризм қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, бу бўйича ҳужжат лойиҳаси тайёрланиб, тасдиқлашга киритилган бўлиб, унга мувофиқ республикадаги ҳожатхоналар, умумий овқатланиш пунктлари, меҳмонхоналар, эсдалик совғалари дўконлари, йўл ёқасидаги хизмат кўрсатиш зоналари, истироҳат боғлари, бозорлар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобилларни вақтинча сақлаш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари ва бошқа аҳоли кўп тўпланадиган жойларни инвентаризациядан ўтказилади.

Инвентаризация якунлари бўйича ҳожатхоналар мавжуд бўлмаган жойларда бунёд этилиб, мавжудлари жорий ҳолатидан келиб чиққан тарзда уч гуруҳга тақсимланади. Улар ҳолати яқин икки йил ичида хорижий давлатлар тажрибалари инобатга олинган ҳолда тегишли талаблар асосида яхшиланади.

Давлат туризм қўмитаси тадбиркорлик субъектларига ўз ҳожатхоналари ҳолатини яхшилаш ҳамда уларни тоза ва тартибли сақлай олишлари учун солиқ имтиёзлари тақдим этишни таклиф қилмоқда.

Шундай қилиб, биринчи тоифага мансуб ҳожатхоналар яхши таъмирланиб, соз ҳолатдаги сантехника билан таъминланиши, уларни тозалашнинг тизимлаштирилган жадвалини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Яъни, масъул ходим белгиланган вақтда мунтазам равишда ҳожатхонани тозалаб, ҳожатхона қоғози, совун ва бошқа материалларни алмаштириб туриши, улар захирасини тўлдириши лозим бўлади.

Иккинчи тоифага мансуб ҳожатхоналар (яхши конструкцияга эга, сув ва канализацияга уланган) капитал таъмирланиб, сантехникаси алмаштирилади ва биринчи тоифадаги каби хизмат кўрсатиш даражаси жорий этилади.

Олис манзилларда жойлашган, сув таъминоти ва канализация мавжуд бўлмаган ҳамда қўлбола материаллардан тикланган учинчи тоифага мансуб ҳожатхоналар эса реконструкция қилиниб, сув ва канализация муаммоси бир неча тонналик баклар ҳамда бетонли ўралар, шунингдек ассенизаторлик хизматлари орқали ҳал этилади.