Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида энг муҳим соҳа бўлиб қолмоқда ва ялпи ички маҳсулотнинг 17 фоизини ташкил этмоқда. Мамлакатнинг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш мақсадида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш ҳамда уларнинг даромадини ошириш муҳимдир.

Ўзгариб турувчи иқлим аниқ бир меъёрга эга бўлмаган ёғинлар, совуқ қиш ва ёзнинг қуруқ иссиғи экинлар ҳосилдорлигининг бир маромда ошишига салбий таъсир этмоқда. Қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигининг пасайишига таъсир этувчи омиллардан яна бири бу ер ва сувдан оқилона фойдаланилмасликдир. Ирригация тармоқларидан самарали фойдаланишнинг нисбатан пастлиги ва катта ҳажмдаги ирригация тизимларининг ишламаслиги ерларнинг мелиоратив ҳолатининг ёмонлашувига, сувдан самарасиз фойдаланувга олиб келмоқда.

Сувни бошқариш ва ундан самарали равишда фойдаланиш учун суғориш технологияларини фермер хўжаликларида турли сув манбаларидан (ёғингарчилик, қўшимча сувлар ва сувнинг алтернатив манбалари) фойдаланилган ҳолда амалга оширилиши, асосий экинлар учун озуқа элементлари ва тупроқ унумдорлигини сақлаш ва келажакда ошириш экинлар хилма-хиллиги (экинлар диверсификацияси) бўйича қилинадиган ишларнинг биргаликда олиб борилиши экинлар ҳосилдорлигини маълум даражада ошишига сабаб бўлади. Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги «2016−2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ғўза ва кузги буғдой майдонлари 220 минг гектарга қисқартирилади ва улардан бўшаган ерларга сабзавот, полиз, ем-хашак экинлари ва интенсив типдаги мевали дарахтларни жойлаштириш режалаштирилган.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан 2004 йилдан бери амалга оширилаётган тупроқ ва сувдан унумли фойдаланиш ҳамда экинлар хилма-хиллиги бўйича олиб борилаётган ишлар қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга ушбу лойиҳалар муайян даражада хизмат қилмоқда. Бу илмий амалий ишлар асосан ишлаб чиқариш шароитида ер ва сувдан фойдаланишдаги муаммоларни ечишда экинлар маҳсулдорлигини ошириш бароборида тупроқ унумдорлигини сақлаш, озуқа элементлари ва сувдан самарали равишда фойдаланишни оширишга қаратилган. Олинган натижалар шуни кўрсатмоқдаки, янги намойиш этилаётган яхшиланган технологиялар эвазига ер ва сувдан фойдаланиш ҳисобига экинларнинг маҳсулдорлигини ошириш мумкин, қишлоқ аҳолисининг даромадларини ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва минтақани табиий заҳираларини сақлаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарорлашувига олиб келди.

ФАО ўз эътиборини лалми ва суғориладиган ерларда фермерлар даромадини ошириш яъни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда экилаётган экинларнинг ҳосилдорлигини барқарор равишда ошириш бўйича ишларни жорий этган. Тавсия этилган технологиялар фермерлар томонидан қабул қилиниб, уларнинг қатнашувида катта майдонларга жорий этилмоқда. Қўшимча равишда ФАО томонидан 2017 йил мартдан ўз ишини бошлаган «Қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация ва интенсификация қилиш» лойиҳаси юқорида бошланган ишларни давом эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ағдариб ҳайдаш ва анъанавий чуқур шудгорлашга асосланган қишлоқ хўжалигидани агротехник тадбирлар тупроқ ҳолатининг ёмонлашувига олиб келганлигига қарамай, қишлоқ хўжалигида шундай тушунча борки, унга асосан ағдариб ҳайдаш билан чуқур хайдаш юқори ҳосилдорлик гарови деб ҳисобланади. Лекин, шуни таъкидлаш жоизки, катта маблағ сарфлаб кам фойда олиш эмас, балки кам харажат қилиб кўп фойда олиш тўғрисида ўйлаб кўриш вақти етди. Жаҳон амалиётида ресурсларни тежаган ҳолда қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олаётган минтақалар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

Ўзбекистонда тўғридан-тўғри экиш технологиясини ғўза қатор орасига культиватор ёки диск билан ерни тайёрлаб буғдой экиш технологиясининг ўрнига қўллаш мумкин. Ҳозирги вақтда культиватор билан экилаётган майдонларда буғдойнинг экиш меъёри анча юқоридир (250 кг/га). ФАО томонидан амалга оширилган турли лойиҳаларда экиш меъёрини камайтириш ва фермерларнинг иқтисодини кўтаришда бир қанча изланишлар олиб борилган. Пахтаси икки-уч марта териб олинган ғўза далаларида тўғридан-тўғри экиш сеялкасида экилганда анаъанавий экиш усулига қараганда юқори ҳосил бериши билан биргаликда қўшимча даромад ҳам келтирмоқда. Бунда тўғридан-тўғри экиш сеялкасидан кузги буғдой, кунгабоқар, кунжут, ғўза каби бир қатор қишлоқ хўжалик экинларини экишда фойдаланилди. Чет элдан келтирилган тўғридан-тўғри экиш сеялкаларининг иш унумдорлиги ҳамда унинг иқтисодий кўрсаткичлари эскидан ишлатилиб келинаётган (СЗ-3,6) сеялка кўрсаткичлари билан таққосланган ва қуйидаги жадвалда акс эттирилган. Агар мазкур қишлоқ хўжалик машиналари (тўғридан-тўғри экадиган сеялкалар) Ўзбекистонда ишлаб чиқарилса, фермерлар экинларни етиштиришдан янада кўпроқ фойда олган бўлар эди.

Анъанавий сеялка билан экиш усулида шудгорлаш, молалаш, чизеллаш ва экиш каби бир неча технологик жараёнлар бажарилиб, ғалла СЗ-3,6 русумдаги сеялка билан экилганда 100 гектар экин майдони учун 7360 литр ёқилғи мойлаш материаллари сарфланган бўлса, тўғридан-тўғри экиш имконини берувчи янги сеялка билан буғдой экилганда эса бир гетар экин майдони ҳисобига 860 литр (10 марта камроқ) ёқилғи мойлаш материаллари сарф қилинган. Яъни, 100 гектар экин майдони ҳисобига тежаб қолинган нефт маҳсулотлари миқдори 6500 литрни ташкил этган.

Агарда тежаб қолинган нефть маҳсулотларига, қўшимча равишда иш ҳақи ва тракторлар амортизасияси сарфини ҳам қўшадиган бўлсак, бир гектар майдон ҳисобидан фермернинг тежамкорлик хисобига оладиган фойдаси миқдори анча салмоқли бўлиши кўриниб турибди. Шунингдек, экин майдонига тупроққа ишлов бериш учун тракторлар кириши сони камайиши ҳисобига тупроқ зичлашиши жараёни анча кечикиши, яна қўшимча равишда экинлар ҳосилдорлиги ортиши дегани.

Худди шунга ўхшаш натижалар пуштага экилган кузги буғдойда ҳам олинган ҳамда бу усулда уруғ сарфи 50 фоиз камайган ва сув сарфи эса 30 фоиз камайганлиги кузатилди. Пуштага экувчи сеялка билан экилган жўхорида сув сарфи (Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш жуда муҳим омилдир) 32 фоизгача камайганлиги тажриба натижаларига кўра аниқланди. Пуштага экиш технологияси кузги буғдой, маккажўхори, жўхори ва бошқа экинларда синаб кўрилди олинган натижалар эса келажакка ишонч билан қарашга ундайди. Пуштага экадиган сеялкалар Ўзбекистонда ишлаб чиқилса, унинг жорий этилиш майдони ошишига сабаб бўлар эди.

Турли модификацияга эга бўлган сеялкаларнинг иқтисодий самарадорлиги

Бажариладиган агротадбирлар номи

Ишлатилган техника ва ускуналар

Ёқилғи сарфи, (л/га)

Меҳнат унумдорлиги, (га/соат)

Меҳнат сарфи, 100 га учун (киши/соат)

Анъанавий экиш усули кўрсаткичлари

Ерни шудгорлаш

Магнум

40

1,0

100,0

Ерни молалаш

Магнум

25

4,0

32,4

Уруғ экиш

ТТЗ-80/1 СЗ-3.6

8,6

5,5

15,4

Жами 100 га майдон учун

х

7360

-

147,4

Тўғридан-тўғри экиш усули кўрсаткичлари

Уруғ экиш

ТТЗ-80/1 SA-11500

8,6

4,1

21,4

Жами 100 га майдон учун

х

860

-

21,4

100 гектар экин майдони ҳисобига

Тежаб қолинган ресурслар миқдори

х

7500

х

161,9

Ўзбекистонда ишлаб чиқариш шароитида такрорий экин сифатида дуккакли ва бошқа экинларнинг экилиши ғўза-буғдой навбатма навбат экиш тизимида қўлланилиши мумкин бўлган муҳим бир йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистонда дуккакли экинлардан мош, соя ва ловияни кузги буғдой ўриб олингандан кейин унинг ўрнига иккинчи экин сифатида экиш ва улардан 1.5−2 т/га ҳосил олиш мумкин. Дуккакли экинлардан ташқари, маккажўхори, кунжут, полиз, сабзи ва бошқа сабзавот экинларининг етиштирилиши Ўзбекистонда экинлар диверсификацияси учун жуда катта имкониятлар яратади. Озиқ-овқат учун ишлатиладиган дуккакли экинлардан мош иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистоннинг барча минтақаларида устунликка эга. Маълумки, дуккакли экинлар тупроқни азот билан бойитади шунинг учун ҳам улар қишлоқ хўжалигида тупроқни муҳофаза қилиш ва ресурс тежовчи технологиялар учун жуда муҳим ҳисобланади. Азот тўплашдан ташқари бу экинларнинг тупроқ сифатини ошириши экинларга ижобий таъсир этади. Тўпланган азот эса кейинги йилда етиштириладиган экинларнинг ўсув даврида азотга бўлган талабини пасайтиради бу эса экинларни етиштиширишга кетадиган харажатларнинг камайишига сабаб бўлади.

Фарғона водийсида сабзи жуда катта иқтисодий самара келтирувчи экин ҳисобланиб, ҳосилдорлиги ва бозордаги нархларининг юқорилиги билан бошқа экинлардан ажралиб туради. Ўзбекистонда бу экин қадимдан энг кўп фойдаланиладиган сабзавот экини бўлиб, ҳар бир оила уни жуда кўп миқдорда истеъмол қилади. Сабзи кўпроқ қўл кучи талаб этадиган экин ҳисобланади, шунинг учун ҳам унинг ҳосилдорлги мамлакат миқёсда анча кам. Республикада чорва моллари учун маккажўхори такрорий экин сифатида фермерлар томонидан жуда катта майдонларда етиштирилмоқда. Чорвачиликда ҳамиша ем-хашак ва дон экинларига бўлган талабнинг катта бўлганлиги сабабли, маккажўхори катта майдонларда экилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, 2017 йилда кузги буғдой ўрилган майдонга такрорий экин сифатида экиладиган экинлар сони ва майдони ўтган йилларга нисбатан анча кўп бўлди. Бунга эса асосий сабаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий экинларни экиш ташкил қилиш бўйича чиқарган қарори муҳим аҳамият касб этди. Ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарори республикамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аввалги йилларга қараганда анча кўп миқдорда ишлаб чиқаришга эиришилди. Бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортиниг ошишига сабаб бўлган бўлса иккинчи томондан ички бозорни турли дон ва дуккакли дон экинлари билан тўлдирилшига ва шунингдек озуқа экинларига бўлган талабни ҳам қондирилишига эришилди.

Хулосалар

Ўзбекистонда ер ва сувдан оқилона фойдаланишда қишлоқ хўжалигида тупроқни муҳофаза қилиш ва ресурс тежовчи технологиялар жуда муҳим иқтисодий соҳа ҳисобланади. Тупоқни ҳайдашни умуман керак эмас деб айтишдан биз йироқмиз. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юқори ҳосил фақатгина ерни чуқур ҳайдаш орқали олинади деб айтиш ҳам нотўғри. Тупроқ унумдорлигини белгиловчи омиллардан бири бўлган ёмғир чувалчангларининг тупроқларимизда камайиб кетаётганлигини аксарият қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётган мутахассислар сезаётган бўлиши мумкин. ФАОнинг Ўзбекистонда ўтказган тажрибаларига асосланиб айтиш мумкинки, тупроқни чуқур шудгор қилиш ёмғир чувалчанглари сонининг олиб келган бўлса, тупроқ ҳайдалмаган ёки шудгор қилинмаганда эса чувалчанглар сонининг ортиши кузатилган. Деҳқончиликни янада ривожлантириш учун ресурстежовчи технологиялар бўйича илмий тадқиқотларнинг янги усулларини ишлаб чиқаришга жалб этиш зарурдир. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги даврда ҳам кўпгина олимлар: «ерни қандай чуқурликда ҳайдаш керак 30 ёки 40 см?» деган саволга жавоб топиш учун бош қотиришмоқда.