Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБ қошида хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича бошқармалар ташкил этилди. Бу ҳақда ички ишлар вазири матбуот котиби Қутбиддин Бурхонов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Мазкур бошқармаларга бошлиқлар тайинланган бўлиб, улар вилоят ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари ҳисобланади. Мазкур бошқармаларга чет тилларни ўзлаштирган ходимлар қабул қилинади.

Бундан ташқари, мазкур вилоятлар ИИБларида туризм хавфсизлиги ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни реал вақт режимида мавжуд хавф-хатарлар тўғрисида огоҳлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилинишида кўмаклашиш билан шуғулланувчи махсус ситуацион марказлар фаолият кўрсатади.

Ҳозирда Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабздаги транспорт инфратузилмалари ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида плакатлар, белгилар ва кўрсаткичлар ўрнатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 23 ноябрда Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабзда хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини тасдиқлаган эди. Туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ягона ахборот базаси ва сайёҳлар учун мобил илова яратиш, шунингдек «Э-меҳмон» электрон ахборот тизими ва «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий мажмуани яратиш белгиланган.